1 Салоникаликлар
1 2 3 4 5

1

Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳнинг Салоника шаҳридаги имонлилар жамоатига Павлус, Силас ва Тимўтийдан салом! Худонинг инояти ва тинчлиги сизларга ёр бўлсин.

2

Биз доим сизлар учун ибодат қилиб, ҳаммангиз учун Худога шукурлар айтамиз.

3

Имон ва севги билан қилган ишларингиз учун, Раббимиз Исо Масиҳга боғлаган собит умидингиз учун доимо Отамиз Худога миннатдорчилигимизни билдирамиз.

4

Эй Худо севган биродарларимиз, Худо сизларни танлаб олганини биламиз.

5

Ахир, биз Хушхабарни сизларга қуруқ сўзлар билан эмас, балки тўлиқ ишонч ва Муқаддас Руҳнинг қудрати билан келтирдик. Орангизда бўлганимизда, сизларнинг манфаатингизни кўзлаб, қандай яшаганимизни биласиз.

6

Сизлар биздан ва Раббимиз Исодан ўрнак олдингиз. Ахир, кўп азоб–уқубат чекканингизга қарамай, Муқаддас Руҳ берадиган қувонч билан Худонинг сўзини қабул қилдингиз.

7

Шундай қилиб, Македония ва Ахая вилоятларидаги барча имонлиларга ўрнак бўлдингиз.

8

Раббимизнинг каломи сизлардан фақатгина Македония ва Ахаяга ёйилиб қолмади, балки сизларнинг Худога бўлган имонингиз ҳамма жойда маълум бўлди. Шунинг учун энди бизнинг бирор нарса гапиришимизга ҳожат қолмади.

9

Бизни яхши қабул қилганингиз ҳақида, барҳаёт ва ҳақиқий Худога хизмат қилайлик, дея бутлардан юз ўгириб, Худога юз бурганингиз ҳақида ҳамма гапиряпти.

10

Худонинг Ўғли Исонинг самодан тушишини кутаётганингиз ҳақида ҳам гапиряптилар. Худо Ўз Ўғли Исони тирилтирган, Исо бизни келажакда Худонинг ғазабидан қутқаради.

© 2018 Дом Молитвы. Христианская Интернет Миссия.