2 Шоҳлар

1

Шоул ҳалок бўлгандан кейин, Довуд Омолек халқини енгиб, Зихлах шаҳрига қайтиб келди ва у ерда икки кун қолди.

2

Учинчи куни Шоулнинг қароргоҳидан Довуднинг олдига бир одам келди. У қайғудан кийимларини йиртган, бошига тупроқ сочган, аянчли аҳволда эди. Ўша одам Довуднинг олдига келгач, мук тушиб, унга таъзим қилди.

3

— Қаердан келяпсан? — деб сўради Довуд. — Исроил қароргоҳидан қочиб келдим, — деди у одам.

4

— Айт–чи, нима бўлди? — деб сўради Довуд. — Сипоҳлар уруш майдонидан қочдилар, одамларимиздан кўплари ўлдирилди, Шоул билан ўғли Йўнатан ҳам ҳалок бўлди, — деди у. Шунда Довуд:

5

— Шоул билан ўғли Йўнатаннинг ҳалок бўлганини қаердан биласан? — деб сўради хабар келтирган йигитдан.

6

— Тасодифан Гилбова тоғига борган эдим, — деб гапида давом этди у. — Шоул найзасига зўрға суяниб турар, душман отлиқлари ва жанг аравалари эса унга томон ёпирилиб келаётган экан.

7

Шоул орқасига қараб, мени кўриб қолиб чақирди. “Лаббай”, дедим мен.

8

“Сен кимсан?” деб сўради Шоул. “Омолек халқиданман”, дедим мен.

9

Сўнг у: “Бу ёққа кел, мени ўлдир. Тарашадай бўлиб серрайиб қолдим–у, лекин жоним чиқмаяпти”, деди.

10

Шоҳ оғир яралангани учун энди яшай олмаслигига кўзим етиб, уни ўлдирдим. Бошидаги тожини ва қўлидаги билакузугини олиб, сизга — жаноби олийларига келтирдим.

11

Довуд бу гапни эшитиб, қайғудан кийимларини йиртди. Бошқалар ҳам шундай қилдилар.

12

Шоул ва унинг ўғли Йўнатан, Эгамизнинг лашкари — Исроил халқидан кўпчилиги жангда ҳалок бўлган эдилар. Шунинг учун ҳаммалари оқшомгача аза тутиб фарёд қилдилар, рўза тутдилар.

13

Довуд шум хабарни олиб келган йигитдан: — Қаерликсан? — деб сўради. — Мен Омолек халқиданман, бегона халқданман, — деди йигит.

14

— Эгам мой суртиб Шоулни шоҳ қилиб танлаган эди–ку! Шундай шоҳга қўл кўтариб, ўлдиришдан қўрқмадингми? — деди Довуд унга.

15

Кейин Довуд битта сипоҳини чақирди–да: — Қани, ўлдир уни! — деб буюрди. Сипоҳ ўша Омолек йигитга бир қилич уриб ўлдирди. Довуд унга қарата:

16

— Тилинг ўзингнинг бошингга етди. Эгам мой суртиб танлаган шоҳни мен ўлдирдим, деб ўз оғзинг билан гувоҳлик бердинг, — деди.

17

Шоул билан унинг ўғли Йўнатан учун Довуд марсия куйлади.

18

Сўнг, ушбу марсия Яҳудо халқига ўргатилсин, деб фармон берди. Бу марсия “Ёшур” китобида ёзилган.

19

“Эй Исроил, йўқ бўлди Ғуруринг сенинг тепаликларингда, Қандай қулаган экан довюраклар!

20

Бу хабарни Гатликларга эшиттирманг, Ашқалон кўчаларида ёйиб юрманг. Токи Филист қизлари севинмасин, Суннатсизларнинг қизлари шод бўлмасин.

21

Эй Гилбова тоғлари, Тепангизга шудринг, ёмғир тушмасин, Ҳосилдор ерларингиз ҳосилсиз қолсин! Ўша ерларда йўқотди шуҳратини Баҳодирларнинг қалқони, Шоулнинг қалқонига мой суртилмас энди.

22

Бир дам тинмади Йўнатаннинг ёйи Ер тишлаганлар қонидан Ва йигитларнинг танасидан. Шоулнинг қиличи беҳуда кўтарилмасди.

23

Шоул билан Йўнатан азиз ва дилкаш эдилар, Ҳаётда ҳам, ўлганда ҳам бирга бўлдилар. Бургутдан чаққон, Шердан кучли эди улар.

24

Шоул учун аза тутинг, эй Исроил қизлари! У сизларга шоҳона либослар кийдирганди, Либосингизни олтин тақинчоқлар ила безаганди.

25

Урушда қандай қулаган экан довюраклар! Эй Исроил, сенинг тепаликларингда Йўнатан жонсиз ётар.

26

Қайғураман сен учун, биродарим Йўнатан, Менга кўп азизу қадрдон эдинг сен, Нақадар ажойиб эди менга бўлган муҳаббатинг, Аёлларнинг севгисидан ҳам ортиқ эди.

27

Қандай қулаган экан довюраклар! Қандай йўқ бўлди жанг қуроллари.”

© 2018 Дом Молитвы. Христианская Интернет Миссия.