2 Солномалар

1

Довуд ўғли Сулаймон ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб олди. Эгаси Худо у билан бирга бўлиб, уни ниҳоятда юксалтирди.

2

Сулаймон жамики Исроил халқини — мингбошиларни, юзбошиларни, ҳакамларни, Исроилнинг ҳамма йўлбошчиларини ва уруғбошиларини чақиртирди.

3

Сулаймон билан бутун жамоа Гивондаги саждагоҳга йўл олишди. Эгамизнинг қули Мусо саҳрода қурдирган Худонинг Учрашув чодири ўша даврда Гивонда жойлашган эди.

4

Худонинг Аҳд сандиғи эса Довуднинг ташаббуси билан Хират–Йўримдан Қуддусга олиб келинган эди, чунки Довуд Сандиқ учун Қуддусда бир жой тайёрлаб, чодир ўрнатиб қўйган эди.

5

Базалил қурган бронза қурбонгоҳ эса ҳануз Гивондаги Эгамиз Муқаддас чодирининг қаршисида жойлашган эди. Базалил Урининг ўғли ва Хурнинг невараси эди. Сулаймон ва жамоа қурбонгоҳ олдида Эгамизга сажда қилдилар.

6

Сўнг Сулаймон Эгамизнинг олдида Учрашув чодирининг қаршисидаги ўша бронза қурбонгоҳ устига чиқиб, мингта қурбонлик куйдирди.

7

Ўша куни кечаси Худо Сулаймонга зоҳир бўлиб, унга: — Тила тилагингни! — деди.

8

Сулаймон Худога айтди: — Сен отам Довудга улуғ севгингни кўрсатдинг. Мени унинг ўрнига шоҳ қилдинг.

9

Эй Парвардигор Эгам! Отам Довудга берган ваъданг устидан чиқ. Ахир, Сен мени ернинг қумидай кўп бўлган бир халқ устидан шоҳ қилдинг.

10

Бу халқни бошқара олишим учун менга донолик ва илму маърифат бергин. Бўлмаса Сенинг шу қадар беҳисоб халқингга ким ҳукмронлик қила олади?!

11

Худо Сулаймонга шундай жавоб берди: — Мен сени халқим устидан шоҳ қилдим. Сен ўзинг учун мол–мулк, бойлик, шон–шуҳрат ёки душманларингнинг жонини сўрамадинг, ҳатто ўзингга узоқ умр ҳам тиламадинг. Аксинча, Менинг халқимни бошқарай деб, донолик ва илму маърифат сўраганинг учун

12

донолик ва илму маърифат сенга ҳадя бўлсин. Буларга қўшимча қилиб сенга бойлик, мол–мулк ва шон–шуҳрат бераман, сенгача ўтган ва сендан кейин бўладиган ҳеч қайси шоҳ сенга тенг келмайди.

13

Шундан кейин Сулаймон Гивондаги саждагоҳда жойлашган Учрашув чодиридан Қуддусга қайтиб кетди. У Исроил устидан ҳукмронлик қила бошлади.

14

Сулаймон жанг аравалари ва отларни тўплади. Унинг 1400 та жанг араваси ва 12.000 та оти бор эди. Сулаймон буларнинг бир қисмини жанг аравалари сақланадиган шаҳарларга ва бир қисмини Қуддусга — ўзининг ёнига жойлаштирди.

15

Унинг ҳукмронлиги даврида Қуддусда олтину кумуш кўчадаги тошдай кўп эди. Садр ёғочлари ҳам худди Яҳудо қир этакларида ўсадиган оддий шикамора–анжир дарахтидай сероб эди.

16

Шоҳнинг савдогарлари Мисрдан ва Қуведан Сулаймон учун отлар олиб келишарди. Улар отларни Қуведан сотиб олишарди.

17

Мисрдан келтирилган ҳар бир жанг араваси учун 600 кумуш танга, ҳар бир от учун 150 кумуш танга тўлашарди. Сўнг буларни барча Хет шоҳларига ва Орам шоҳларига сотишарди.

© 2018 Дом Молитвы. Христианская Интернет Миссия.