3 Шоҳлар

1

Шоҳ Довуд анча қариб қолди. Уни кўрпа–тўшаклар билан ўраб ташлашса ҳам, ҳеч исимас эди.

2

Шунда аъёнлари Довудга айтишди: — Ҳазрати олийлари учун ёш, бокира қиз қидириб топсак. Ўша қиз шоҳимиз олдида бўлсин, парвариш қилсин, шоҳимизнинг қучоғида ётсин. Ана шунда шоҳ ҳазратлари исийдилар.

3

Шундай қилиб, бутун Исроил ҳудуди бўйлаб чиройли, бўйи етган қизни қидирдилар. Ниҳоят, Шунамлик Обиша исмли қизни топиб, шоҳ ҳузурига олиб келишди.

4

Қиз ғоятда гўзал эди. У шоҳни парвариш қилиб, унинг хизматида бўлди. Лекин шоҳ қизга яқинлашмади.

5

Абсалом вафот этгандан кейин, Хаггитнинг Довуддан кўрган ўғли Одониё “Мен шоҳ бўламан”, деб ўзини жуда катта тутадиган бўлиб қолди. У ўзига жанг аравалари, чавандозлар ва элликта қўриқчи олди.

6

Отаси эса “Нима учун сен бундай қиляпсан?” деб ҳеч қачон уни тергамади. Одониё Абсаломдан кейингиси бўлиб, жуда чиройли йигит эди.

7

У Зеруя ўғли Йўаб ва руҳоний Абуатарга маслаҳат солди. Иккови ҳам Одониё тарафига ўтдилар.

8

Лекин руҳоний Зодўх, Ёҳайидо ўғли Бинаё, Натан пайғамбар, Шимах, Рей ва Довуднинг қўриқчилари Одониё томонга ўтмадилар.

9

Одониё Эн–Рўғол булоғи бўйидаги Зўхалат тоши ёнида қўй, буқа ва боқилган бузоқларни қурбонлик қилиб, ҳамма ака–укаларини — шоҳ ўғилларини, шоҳга қарашли барча Яҳудо аъёнларини таклиф қилди.

10

Натан пайғамбарни, Бинаёни, шоҳнинг қўриқчиларини, укаси Сулаймонни эса таклиф қилмади.

11

Шундан сўнг Натан Сулаймоннинг онаси Ботшевага деди: — Хаггитнинг ўғли Одониё ўзини ўзи шоҳ қилганини, Довуд ҳазратлари эса бу аҳволдан бехабар эканини эшитмадингми?

12

Энди мен сенга шундай маслаҳат бераман: сен ўзингнинг ва ўғлинг Сулаймоннинг ҳаётини қутқар.

13

Шоҳ Довуд саройига бориб, унинг ҳузурига киргин. Шоҳга шундай деб айт: “Шоҳ ҳазратлари бу чўрисига, ўғлинг Сулаймон шоҳ бўлади, мендан кейин тахтга у ўтиради, деб ваъда бермаганмидилар?! Нимага энди Одониё шоҳ бўлиб қолди?”

14

Сен у ерда шоҳ билан суҳбатни давом эттираётганингда, мен орқангдан кириб, сенинг гапингни қўллаб–қувватлайман.

15

Ботшева бориб, шоҳ Довуднинг хонасига кирди: шоҳ жуда мункиллаб қолган, Шунамлик Обиша эса унинг хизматини қилаётган эди.

16

Ботшева шоҳга эгилиб таъзим қилди. — Тила тилагингни, — деди шоҳ.

17

Ботшева унга деди: — Шоҳ ҳазратлари! Бу чўрингизга ўз Эгангиз Худо номи билан онт ичиб “Мендан кейин ўғлинг Сулаймон шоҳ бўлади, мендан кейин тахтга у ўтиради”, деб ваъда берган эдингиз–ку.

18

Энди эса Одониё шоҳ бўлиб қолибди. Шоҳ ҳазратлари эса бу ҳақда ҳеч нарса билмайдилар.

19

У бир талай буқа, боқилган бузоқ ва қўйлар сўйиб, шоҳимизнинг ҳамма ўғилларини, руҳоний Абуатарни, лашкарбоши Йўабни таклиф қилибди. Қулингиз Сулаймонни эса таклиф қилмабди.

20

Шоҳ ҳазратлари! Жамики Исроил халқининг кўзлари сизга қадалган, ўзингиздан кейин тахтга ким ўтиришини сиз эълон қилишингизни кутишяпти.

21

Акс ҳолда, шоҳ ҳазратлари оламдан ўтиб, ота–боболари ёнига кетганларида, мен ва ўғлим Сулаймон хиёнаткордай бўлиб қоламиз.

22

Ботшева шоҳ билан гаплашаётганда, Натан пайғамбар етиб келди.

23

Шунда шоҳга: “Натан пайғамбар шу ердалар, сизни кўрмоқчилар”, деб хабар беришди. Натан шоҳ ҳузурига кирди–ю, ер ўпиб унга таъзим қилди. Ботшева эса чиқиб кетди.

24

Кейин Натан шоҳга деди: — Шоҳ ҳазратлари! Сиз “Мендан кейин Одониё шоҳ бўлади, мендан кейин тахтга у ўтиради”, деб айтган эдингизми?

25

У бугун чиқибоқ бир талай буқа, боқилган бузоқ, қўйлар сўйиб, шоҳнинг ҳамма ўғилларини, қўшинингизнинг лашкарбошиларини ва руҳоний Абуатарни таклиф қилди. Ҳаммалари Одониёнинг ҳузурида еб–ичиб ўтиришибди, “Яшасин шоҳ Одониё!” деб бақиришяпти.

26

Мен, қулингизни, руҳоний Зодўхни, Ёҳайидо ўғли Бинаёни ва қулингиз Сулаймонни эса таклиф қилмади.

27

Буларнинг ҳаммаси шоҳ ҳазратларининг хоҳишига кўра бўлдими? Шоҳ ҳазратлари ўзларидан кейин тахтга ким ўтириши ҳақида биз, қулларига нега аён қилмадилар?

28

Шунда Довуд: “Ботшевани менга чақиринглар!” — деди. Ботшева кириб, шоҳ қаршисида турди. Натан чиқиб кетди.

29

Шоҳ онт ичиб Ботшевага айтди: — Мени ҳар қандай балолардан доимо сақлаб келган Худойим шоҳид!

30

Мен Исроил халқининг Худоси — Эгамиз номи билан онт ичиб, сенга “Ўғлинг Сулаймон шоҳ бўлади, мендан кейин тахтга у ўтиради”, деб ваъда берган эдим. Ўша онтимни бугун адо этаман.

31

Ботшева ер ўпиб, шоҳга таъзим қилди: — Шоҳимиз Довуд ҳазратлари дунё тургунча турсинлар!

32

— Руҳоний Зодўхни, Натан пайғамбарни, Ёҳайидо ўғли Бинаёни менинг ҳузуримга таклиф қилинглар! — деди шоҳ Довуд. Улар шоҳ ҳузурига кириб келдилар.

33

Шундан сўнг шоҳ уларга: — Ёнингизга шоҳингизнинг қўриқчиларини олинглар, — деди. — Ўғлим Сулаймонни менинг хачиримга ўтқазиб, Гихўн булоғига олиб боринглар.

34

У ерда руҳоний Зодўх ва Натан пайғамбар Сулаймоннинг бошига мой суртиб, уни Исроил шоҳи қилсинлар. Кейин бурғу чалиб, баланд овоз билан: “Яшасин шоҳ Сулаймон!” деб айтинглар.

35

Сўнг унинг орқасидан қайтиб келинглар. У келгач, менинг тахтимга ўтирсин, менинг ўрнимга шоҳ бўлсин. Мен уни Исроил ва Яҳудонинг ҳукмдори қилиб тайинладим.

36

Бинаё шоҳга қарата: — Омин! Шоҳимиз ҳазратларининг Худоси — Эгамизнинг амри ҳам шундай бўлсин! — деди.

37

— Эгамиз доимо шоҳ ҳазратлари билан бўлган эди. Бундан кейин У Сулаймонга ёр бўлсин, Сулаймоннинг тахтини шоҳимиз Довуд ҳазратлари тахтидан ҳам юксак қилсин.

38

Руҳоний Зодўх, Натан пайғамбар, Ёҳайидо ўғли Бинаё, шоҳнинг Харетлик ва Палатлик қўриқчилари Сулаймонни шоҳ Довуднинг хачирига ўтқазиб жўнадилар. Ниҳоят, уни Гихўн булоғига олиб келдилар.

39

Руҳоний Зодўх чодирдан олиб келган мой солинган қўчқор шохини олиб чиқди ва Сулаймоннинг бошига мой суртди. Кейин бурғу чалдилар. Шунда бутун халқ: “Яшасин шоҳ Сулаймон!” деб қичқирди.

40

Халқ Сулаймонга эргашиб, най чалиб, ўйин–кулги қилиб кетди. Халқнинг қийқириғидан гўё ер титраб кетди.

41

Одониё ва ҳамма таклиф қилинганлар таомни еб бўлар–бўлмас, шовқин–суронни эшитиб қолдилар. Йўаб бурғу овозини эшитиб: “Нимага бунчалик шовқин? Шаҳарни ларзага келтиради–я”, — деди.

42

У гапини тугатмаган ҳам эдики, руҳоний Абуатарнинг ўғли Йўнатан кириб келди. — Кел, — деди Одониё унга, — сен улуғ одамсан, яхши хабар олиб келяпсан–ов.

43

— Йўқ, шоҳимиз Довуд ҳазратлари Сулаймонни шоҳ қилиб кўтардилар, — деб жавоб берди Йўнатан.

44

— Шоҳ Довуд у билан бирга руҳоний Зодўхни ва Натан пайғамбарни, Бинаёни, ўзининг Харетлик ва Палатлик қўриқчиларини жўнатди. Улар Сулаймонни шоҳнинг хачирига ўтқазишди.

45

Руҳоний Зодўх ва Натан пайғамбар Гихўн булоғида Сулаймоннинг бошига мой суртиб, уни шоҳ қилдилар. У ердан шод–хуррам бўлиб қайтиб келишди. Шунинг учун шаҳар ола–ғовур бўлиб қолди. Сизлар эшитаётган шовқин–суроннинг боиси шудир.

46

Сулаймон шоҳлик тахтига ўтирибди.

47

Шоҳнинг аъёнлари Довуд ҳазратларини табриклаш учун келиб шундай дейишди: “Сулаймоннинг номини Худойингиз сизнинг номингиздан ҳам кўпроқ улуғласин, унинг тахтини сизнинг тахтингиздан ҳам юксалтирсин.” Шоҳ эса тўшагида ётганича Худога сажда қилиб,

48

шундай деди: “Исроил халқининг Худоси — Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! У бугун кўзларим очиқлигида зурриётимдан биттасини тахтга ўтқазди.”

49

Одониёнинг меҳмонлари қўрқув ичида ўринларидан туриб, ҳаммаси ҳар ёққа тарқалиб кетдилар.

50

Одониё ҳам Сулаймондан қўрққанидан ўрнидан турди–ю, қочиб бориб, қурбонгоҳнинг бурчагидан маҳкам ушлаб олди.

51

Сулаймонга шу хабарни олиб келдилар: “Одониё шоҳ Сулаймондан қўрқяпти, у қурбонгоҳнинг бурчагини маҳкам ушлаб олиб, Сулаймон, бу қулимни ўлдирмайман, деб олдин менга сўз берсин, деяпти.”

52

— Агар у менга содиқ бўлса, — деди Сулаймон, — бошидаги бир тола сочига ҳам зарар етмайди. Борди–ю, кўнглида ёмонлик бўлса, бошини оламан.

53

Шоҳ Сулаймон одам юбориб, Одониёни қурбонгоҳдан олдириб келди. Одониё келиб, шоҳ Сулаймонга таъзим қилди. Шундан сўнг Сулаймон: “Бор, уйингга жўна!” — деди унга.

© 2018 Дом Молитвы. Христианская Интернет Миссия.