Дониёр
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12

1

Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим ҳукмронлигининг учинчи йилида Бобил шоҳи Навухадназар Қуддусга қўшин тортиб келиб, шаҳарни қамал қилди.

2

Раббий Ёҳайиқимни Навухадназарнинг қўлига берди. Навухадназар Худонинг уйидаги айрим идишларни ўлжа қилиб, Бобил юртига олиб борди–да, идишларни ўз худосининг уйидаги хазинага жойлаштирди.

3

У саройнинг бош мулозими Ашнапазга шундай буйруқ берган эди: “Исроил халқидан олинган асирлардан шоҳ ва зодагонларнинг оилаларига мансуб бўлган

4

йигитларни олиб кел. Улар ёш, жисмонан соғлом, хушқомат, зеҳни ўткир, қобилиятли, фаросатли, хуллас, шоҳ саройида хизмат қилишга лаёқатли бўлишсин. Сен уларга бобил тилини ва адабиётини ўргатишинг керак.

5

Ҳар кунги егулик билан шароб уларга менинг дастурхонимдан берилсин. Улар уч йил таълим олишгач, менинг ҳузуримда ҳозир бўлишлари лозим.”

6

Танланганларнинг орасида Яҳудо қабиласидан бўлган Дониёр, Ханониё, Мишаил ва Озариё исмли ўспиринлар бор эди.

7

Бош мулозим уларнинг исмларини ўзгартириб, Дониёрни — Белташазар, Ханониёни — Шадрах, Мишаилни — Мешах, Озариёни эса Абеднаху деб атади.

8

Дониёр шоҳона егулик ва шаробдан булғанишни хоҳламади. Бу таомлардан у воз кечмоққа аҳд қилиб, бош мулозимдан бунинг учун ижозат сўради.

9

Худонинг иродаси билан Дониёр бош мулозимнинг мурувватию илтифотига сазовор бўлган эди.

10

Аммо бош мулозим Дониёрнинг таклифини эшитиб лол қолди ва деди: “Йўқ, егулик билан ичимликларни сизларга шоҳ ҳазратларининг ўзлари белгилаганлар. Ҳазратимнинг буйруқларидан бош тортишдан қўрқаман. Борди–ю, кўринишларинг тенгдошларингникидан ёмонроқ бўлса, менинг жонимни хавф остига қўйган бўласизлар.”

11

Кейин Дониёр бу масала хусусида бош мулозим тайинлаган соқчи билан гаплашди, чунки бу соқчи Дониёр ва унинг уч оғайниси учун масъул бир одам эди. У соқчига шундай деди:

12

“Илтимос, қулларингизни ўн кун давомида синаб кўринг. Бизга егани сабзавот, ичгани сув беринг.

13

Кейин эса бизни шоҳона егуликни еган йигитлар билан солиштириб кўринг, сўнг билганингизни қилаверинг.”

14

Соқчи рози бўлиб, уларни ўн кун давомида сабзавотлар билан боқди.

15

Ўн кун ўтгач, уларнинг гавдалари тўлишиб, шоҳона егулик еган бошқа йигитлардан анча кўркам бўлди.

16

Шундай қилиб, соқчи уларнинг шоҳона егуликлари ва шаробини ўзига олиб қолиб, уларга фақат сабзавотлар берадиган бўлди.

17

Худо бу тўртта йигитга адабиёт ва фалсафанинг ҳар соҳасини фаҳмламоқ учун билим ва истеъдод берган эди. Бундан ташқари, Дониёр турли хил ваҳий ва тушларни таъбирлаш қобилиятига эга эди.

18

Шоҳ белгилаган муддат тугагач, бош мулозим ҳамма йигитларни Навухадназар ҳузурига олиб борди.

19

Шоҳ уларнинг ҳар бири билан суҳбатлашди. Улар орасида ҳеч ким Дониёр, Ханониё, Мишаил ва Озариёга тенг кела олмасди. Шунинг учун шоҳ уларни ўз саройида олиб қолди.

20

Шоҳ қандай савол бермасин ва қандай жумбоқни ечишни сўрамасин, уларнинг билими ва донолиги бутун шоҳликдаги фолбину мунажжимларникидан ўн баробар зиёда эди.

21

Дониёр саройда шоҳ Куруш ҳукмронлигининг биринчи йилигача хизмат қилди.

© 2018 Дом Молитвы. Христианская Интернет Миссия.