1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12

1

Қуйидагилар Довуд ўғли, Қуддусда ҳукмронлик қилган Воизнинг сўзларидир.

2

“Беҳуда! Беҳуда! — дейди Воиз. — Ҳаммаси беҳудадир!”

3

Одам бу дунёда қилган меҳнатидан Қандай фойда топар?

4

Авлод келиб, авлод кетар, Бу дунё эса шундайлигича қолаверар.

5

Қуёш чиқиб яна ботар, Чиққан жойига қайтишга шошар.

6

Шамол жанубга эсар, Шимол тарафга елар, Такрор–такрор айланиб, Ўз йўлидан юраверар.

7

Барча дарёлар денгизга оқар, Денгиз эса ҳеч тўлмас, Шунда ҳам ўз макони сари Оқаверар дарёлар.

8

Ҳамма нарса чарчатар, ҳолдан тойдирар, Уларни тасвирлашга сўзлар ҳам етмас. Кўзларимиз кўраверар, аммо тўймас, Қулоқларимиз эшитаверар, аммо қониқмас.

9

Олдин нима бўлган бўлса, яна содир бўлгай, Нима қилинган бўлса, яна қайтарилгай, Бу дунёда ҳеч қандай янги нарса йўқ.

10

Бирор нарса бормидики, биз бу ҳақда: “Қаранглар, бу янгилик–ку!” — деб айта олсак?! У олдиндан бор эди, биз таваллуд топмасдан олдин ҳам шу ерда эди.

11

Қадимда бўлганлар эсга олинмас, ҳатто бундан кейин бўладиганлар ҳам келажакда эсланмас.

12

Мен, Воиз, Исроил устидан Қуддусда шоҳман.

13

Ўзимни донолик билан изланишга, мана шу дунёда бўлаётган ҳамма ишларни тушунишга бағишладим. Худо инсонга берган бу иш қандай қайғули–а!

14

Мен бу дунёда бўлаётган ҳамма нарсани кўрдим, қаранглар, ҳаммаси беҳуда, шамолнинг орқасидан қувишдай экан.

15

Эгри нарсани тўғрилаб бўлмас, Йўқ нарсани санаб бўлмас.

16

Ўзимга шундай дедим: “Мана, мен буюк бўлиб, доноликда мендан олдин Қуддусда ҳукмронлик қилганларнинг ҳаммасидан ўзиб кетдим. Кўп донолик орттирдим, илму маърифатни яхшилаб ўргандим.”

17

Донолик ва илм–маърифатнинг фойдаси телбалик ва аҳмоқликдан устунлигини англаб етишга ўзимни бағишладим, аммо бу ҳам шамолнинг орқасидан қувишдай эканлигини тушундим.

18

Қайғу ҳам ортаркан, донолик қанча кўп бўлса, Дард кўпаяр экан гар билим ошса.

© 2018 Дом Молитвы. Христианская Интернет Миссия.