1 2 3 4 5

1

Мен — Худонинг ва Раббимиз Исо Масиҳнинг қули Ёқубдан ўзга юртларга тарқалиб кетган ўн икки қабилага салом!

2

Эй биродарларим, турли синовларга дучор бўлганингизда ўзингизни бахтли деб билинглар.

3

Ахир, имонингиз синалганда, сизлар сабр–тоқат қилишни ўрганасизлар. Бу ўзингизга ҳам аён.

4

Ҳар қандай вазиятда сабр қилишни ўрганинглар, шунда етук, бекаму кўст, комил инсон бўласизлар.

5

Агар бирортангизга донолик етишмаса, Худодан сўранг, У беради. Чунки сўраганларнинг ҳаммасига Худо сахийлик билан, беминнат беради.

6

Шу боис умидингизни фақатгина Худога боғлаб, имон билан сўранг. Иккиланманг, чунки Худога сидқидилдан ишонмаган киши гўё денгиз тўлқинига ўхшайди, шамол қайси томонга эсса, тўлқин ўша томонга қараб йўналади.

7

Бундай одам Эгамиздан бирор нарса оламан деб умид қилмасин.

8

У Худога таянмагани учун ҳаётида беқарор, ўзгарувчан бўлади.

9

Ночор аҳволдаги биродар Худонинг назарида юксак эканлигидан хурсанд бўлсин.

10

Бой биродар эса Худога муҳтож эканлигидан шодлансин. Чунки ўз бойлигига таянган киши дашт гулидай хазон бўлади.

11

Қуёш жазирама иссиғи билан даштнинг ўт–ўланларини қовжиратиб юборади. Гулларнинг гўзаллиги йўқолиб, хазон бўлади. Бойлик орқасидан қувиб, давлатига таянганлар ҳам худди шу сингари нобуд бўлишади.

12

Синовларга бардош берган одам бахтлидир. Чунки у синовдан ўтгач, ҳаёт тожи билан тақдирланади. Бундай тожни Худо Ўзини севганларга ваъда қилган.

13

Васвасага тушганингизда Худони айбламанг! Чунки Худо ҳеч қачон васвасага тушмайди ва ҳеч кимни васвасага солмайди.

14

Лекин ҳар ким ўз эҳтироси дастидан васвасага дучор бўлиб, нафс тузоғига илинади.

15

Кейин эҳтирос ҳомиладор бўлиб гуноҳни туғади, гуноҳ эса етилиб, ўлимга олиб боради.

16

Эй азиз биродарларим, алданманглар!

17

Ҳар бир яхши ва мукаммал ҳадя самодан келади. Бу ҳадяларни осмондаги жамики ёритқичларни яратган Худо беради. Ёритқичларнинг нури пайдо бўлиб, ғойиб бўлади, Худонинг эзгулиги эса йўқолмайди. Зеро, Худо ҳеч қачон ўзгармайди.

18

Худо келажакда бутун борлиқни янгилайди. Биз бу янгиланишнинг илк ҳосили бўлишимиз учун, Худо Ўз хоҳишига кўра, бизга ҳақиқат каломи орқали янги ҳаёт берди.

19

Эй азиз биродарларим, шуни эсингизда тутинглар: ҳар бир одам эшитишда чаққон, гапиришда вазмин, ғазаб келганда босиқ бўлсин.

20

Чунки инсоний ғазабингиз Худога манзур бўлган солиҳ ҳаёт кечиришингизга йўл қўймайди.

21

Шундай экан, ҳар қандай жирканч ва ёмон ишларни бас қилинглар! Худонинг қалбингизга эккан каломини камтарлик билан қабул қилинглар. Ахир, бу калом жонингизни қутқаришга қодир.

22

Худонинг каломига риоя қилинглар! Каломни эшитсам бас, деб ўзингизни ўзингиз алдаманглар.

23

Каломни тинглаб, амалда риоя қилмаган одам ўз юзини кўзгуда кўрган кишига ўхшайди.

24

У ўзига қаради–ю, кетди ва ўша заҳоти ўзининг қандай эканлигини унутиб юборди.

25

Сизлар эса Худонинг озодлик берувчи мукаммал қонунига доим синчиклаб қаранглар. Қонунни шунчаки эшитиб, унутиб юборманглар, унга қатъий амал қилинглар. Бу ишингиз учун Худо сизга барака беради.

26

Агар сиз ўзингизни диндор ҳисоблаб, тилингизни тиймасангиз, ўзингизни ўзингиз алдаган бўласиз ва сизнинг бундай дин–диёнатингиз бефойдадир.

27

Отамиз Худонинг назарида пок ва беғубор дин–диёнатга эга бўлган инсон етим–есиру беваларни қайғули кунларида йўқлаб боради, у бу дунё дастидан булғанмайди.

© 2018 Дом Молитвы. Христианская Интернет Миссия.