1

Эгамиз Ўзининг қули Мусо вафотидан кейин Мусонинг ёрдамчиси Ёшуага шундай деди:

2

“Менинг қулим Мусо вафот этди. Энди ҳаммангиз — бутун Исроил халқи Мен сизларга бераётган юртга кириш учун Иордан дарёсидан ўтишга тайёрланинглар.

3

Мусога ваъда берганимдай, оёғингиз теккан ҳамма жойни сизларга бераман.

4

Жанубдаги саҳродан шимолдаги Лубнонгача, шарқдаги буюк Фурот дарёсидан ғарбдаги Ўрта ер денгизигача бўлган жойлар, Хет халқининг ҳамма ерлари сизнинг юртингиз бўлади.

5

Эй Ёшуа, бир умр ҳеч ким сенга бас кела олмайди. Мусо билан бўлганимдай, сен билан ҳам бирга бўламан. Сени тарк этмайман, ҳеч қачон ташлаб кетмайман.

6

Дадил ва ботир бўл, Исроил халқи бу юртни қўлга киритиб, эгалик қилишига сен бош бўласан. Чунки уларнинг ота–боболарига, бу юртни сизларга бераман, деб ваъда қилганман.

7

Дадил ва ботир бўлишинг керак, Мен қулим Мусо орқали буюрган қонунларнинг ҳаммасини битта қолдирмай бажар, борган жойингда ишларинг ўнгидан келиши учун бу қонунлардан ўнгга ҳам, чапга ҳам оғма.

8

Таврот китобида ёзилганлар тилингдан тушмасин, уларни битта қолдирмай бажаришинг учун кечаю кундуз улар ҳақида фикр юритгин. Шунда ишларинг юришиб, ўнгидан келади.

9

Амр қиламан: дадил ва ботир бўл, ваҳимага тушма, қўрқма, қаерга борсанг ҳам, Мен, Эганг Худо, сен билан бирга бўламан.”

10

Шундан кейин Ёшуа Исроил қабилаларининг назоратчиларига шундай деб буюрди:

11

— Қароргоҳ бўйлаб юриб, халққа қуйидаги гапларни айтинглар: “Озиқ–овқатларингизни тайёрланглар, чунки уч кундан кейин Иордан дарёсидан ўтиб, Эгангиз Худо сизларга бераётган юртни қўлга кирита бошлайсизлар.”

12

Рубен, Гад қабилалари ва Манаше қабиласининг ярмига Ёшуа шундай деди:

13

— Эгамизнинг қули Мусо сизларга амр қилиб айтган сўзларини эсланг. У сизларга: “Эгангиз Худо сизларга осойишталик ато қилиб, мана шу ерларни берди”, деб айтган эди.

14

Хотинларингиз, болаларингиз, мол–қўйларингиз Мусо сизларга берган ерда — Иорданнинг мана шу шарқ томонида қолади. Орангиздаги барча қуролланган жасур жангчилар эса биродарларингизнинг олдида бориб, Иордан дарёсидан ўтади.

15

Биродарларингиз ҳам Эгангиз Худо бераётган юртни эгалламагунча, жасур жангчиларингиз уларга ёрдам беради. Эгамиз сизга осойишталик бергандай, биродарларингизга ҳам осойишталик бергандан кейингина Эгамизнинг қули Мусо сизларга берган Иорданнинг шарқидаги ўз ерингизга қайтиб келиб, жойлашасизлар.

16

Улар Ёшуага шундай деб жавоб беришди: — Сиз буюрган ҳамма нарсани қиламиз, қаерга юборсангиз борамиз.

17

Ҳамма нарсада Мусога қандай итоат қилган бўлсак, сизга ҳам шундай итоат қиламиз. Эгангиз Худо, Мусо билан бўлганидек, сиз билан бирга бўлсин!

18

Сизнинг айтган сўзларингизга қарши чиққанларнинг, бирорта буйруғингизга бўйсунмаганларнинг жазоси ўлимдир. Сиз фақат дадил ва ботир бўлинг.

© 2018 Дом Молитвы. Христианская Интернет Миссия.