1

Омиз ўғли Ишаёнинг Яҳудо ҳамда Қуддусга оид башорати. Бу даврларда Яҳудода Уззиё, Йўтом, Охоз ва Ҳизқиё каби шоҳлар ҳукмронлик қиларди.

2

Эшитинг, эй самолар, тингла, эй замин, Шудир Эгамизнинг каломи: “Бино қилдим болаларни, улғайтирдим уларни, Аммо улар исён қилдилар Менга.

3

Ҳўкиз билади ўз эгасини, Ҳатто эшак билар ким уни боқишини, Аммо халқим Исроил билмайди, Улар тушунмайди Мен, ўз Эгасини.”

4

Эҳ, гуноҳкор элат, айби муқаррар халқ, Эҳ, қабиҳ насллар! Номуссизларча иш қилар бу болалар, Эҳ, Эгамизни тарк этган улар, Исроил халқининг Муқаддас Худосига Шаккоклик қилган, Эгамизга орқа ўгирган улар!

5

Эгам айтар: “Нега яна мунча калтак истайсиз?! Не учун исённи давом эттирасиз?! Яраланган бутун бош, Мадордан кетган бутун юрак.

6

Бошдан–оёқ соғ жойи йўқ, Йиринг ила қопланган, кўкариб кетган, Яраларидан қон оқиб ётар, Тозаланмаган, боғланмаган, мой суртилмаган.

7

Вайроналар ичра ётар юртингиз, Оловда ёниб кетган шаҳарларингиз! Олдингизда ерингизни Еб битирар келгиндилар, Бегоналар юртингизни вайрон қилар.

8

Аммо азиз Қуддус Қамал қилингандай бўлар, У ўхшаб қолар Узумзордаги ёлғиз чайлага, Полизда тиккайган капага.”

9

Агарда Сарвари Олам Қолдирмаганда эди беш–олтитамизни, Садўм шаҳрининг ҳолига тушар эдик, Ғамўра шаҳридай хонавайрон бўлардик.

10

Эгамизнинг каломини эшитинг, Садўм йўлбошчиларининг издошлари! Худойимизнинг ўгитига қулоқ солинг, Ғамўра халқининг шериклари!

11

“Нима кераги бор Менга?! Кўплаб қурбонлигингиз?! Тўйиб кетдим энди Куйдирилган қўчқорлар назридан, Бўрдоқи ёғларидан, — деб айтмоқда Эгамиз. — Менга хуш келмади буқаларнинг, Қўзилар ва эчкиларнинг қони.

12

Ҳузуримда ҳозир бўлганингизда, Муқаддас Ҳовлимни булғасин, деб ким айтди? Буларни сизлардан ким сўради?!

13

Энди сохта назрлар қилманглар Менга, Тутатқингиз ҳам Менга жирканчдир! Тоқат қилмасман энди Чорловларингизга, фосиқ йиғинингизга, Янги ой шодиёнасию Шаббат кунингизга.

14

Нафратландим янги ой шодиёнангиздан Ҳамда «муқаддас» кунларингиздан. Булар Менга оғир юк бўлди, Толиққанман буларни кўтаришдан.

15

Ҳатто кўп ибодат қилганингизда ҳам, Эшитмасман Мен сизларни. Менга очганингизда қўлларингизни, Сизлардан яшираман Мен кўзларимни. Қўлларингиз қонга ботгандир.

16

Покланг, тозаланг ўзингизни, Кўз олдимдан йўқотинг! Қабиҳ қилмишларингизни, Қабиҳликни энди бас қилинг!

17

Ўрганинг эзгулик қилишни, Адолатни изланг, Йўлга солинг золимни, Ҳимоя қилинг етимни, Бева ҳақи учун курашинг.”

18

Эгамизнинг каломи шудир: “Қани, энди биргалашиб ўйлайлик: Гуноҳларингиз қизил рангга ўхшаса ҳам, Сизлар қордай оппоқ бўласиз. Гуноҳларингиз қирмизи рангга ўхшаса ҳам, Сизлар момиқдай оппоқ бўласиз.

19

Агар Менга итоат этсангиз чин кўнгилдан, Ейсиз, албатта заминнинг сара ҳосилидан.

20

Аммо рад этиб, Менга бўйсунмасангиз, Қиличнинг дамига рўпара бўлгайсиз.” Эгамизнинг Ўзи шундай деб айтди.

21

Эй Қуддус! Қаерга ғойиб бўлди сенинг садоқатинг?! Қандай қилиб фоҳишага сен айландинг?! Ахир, олдинлари халқинг солиҳликка, адолатга ташна эди! Энди эса шаҳрингда фақат қотиллар қолди!

22

Сенинг кумушинг тошқол бўлди, Шаробинг сув билан аралашди.

23

Ҳа, исёнкордир йўлбошчиларинг, Ўғриларга шерикдир улар. Ҳар бири порани севар, Ҳадянинг ортидан қувар. Етимни улар ҳимоя қилмас, Беванинг арзи уларга етиб бормас.

24

Энди Исроил халқининг қудратли Худоси, Сарвари Олам — Раббий айтади: “Ҳа, душманларимга ғазабимни сочарман, Ғанимларимдан ўч олиб, тасалли топарман.

25

Яна сизларга қарши қўл кўтараман. Ишқор билан тозалагандай, Жамики қоришмани йўқ қилиб, Тошқолларни ажратаман.

26

Азалда бўлганидай Одил ҳакаму маслаҳатчиларни бераман. Шундан сўнг сенга ном қўйилар: «Солиҳлик шаҳри, Садоқат шаҳри», дея.”

27

Шунда Қуддус адолат орқали қутқарилади, Тавба қилганлар солиҳлик туфайли нажот топади.

28

Исёнкору гуноҳкорлар бирга қирилади, Эгамиздан воз кечганлар ҳалок бўлади.

29

Сизлар шарманда бўласиз Ўзингиз хуш кўрган эманлар сабабли. Мана, уялиб қоласиз Ўзингиз танлаган саждагоҳ боғлар туфайли.

30

Ҳа, сизлар ўхшаб қоласиз Япроғи қовжираган эманга, Ҳамда сувсиз қақраган боққа.

31

Кучлилар ҳам чўпга ўхшаб қолади. Ишлари лов этган оловга ўхшайди. Ўзларию ишлари бирга ёниб кетади, Ҳеч ким бу оловни ўчиролмайди.

© 2018 Дом Молитвы. Христианская Интернет Миссия.