Филиппиликлар
1 2 3 4

1

Исо Масиҳнинг қуллари Павлус ва Тимўтийдан Филиппи шаҳридаги Исо Масиҳнинг барча азизларига ҳамда жамоат етакчилари ва хизматчиларига салом!

2

Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга иноят ва тинчлик ато қилсин.

3

Ҳар сафар сизлар ҳақингизда ўйлаганимда Худойимга шукурлар айтаман.

4

Ҳаммангиз учун ибодат қилганимда, ҳар доим шодлик билан ибодат қиламан,

5

чунки сизлар Хушхабарга ишонганингиздан бошлаб, то ҳозирга қадар ўша Хушхабарни ёйишда мен билан бирга иштирок этиб келмоқдасизлар.

6

Худо сизларнинг ҳаётингизда бошлаган эзгу ишини Исо Масиҳ келадиган кунгача битиришига аминман.

7

Сизларни яхши кўрганим учун ҳаммангиз ҳақингизда шундай фикр қилишим ўринлидир. Ахир, қамоқдалигимда ҳам, Хушхабар ҳақиқат эканлигини ҳимоя қилиш ва таъкидлашимда ҳам Худо берган иноятда сизлар менга шериксизлар.

8

Мана, Худо шоҳид: мен сизларни роса соғинганман, чунки сизларни Исо Масиҳникидай бўлган меҳр–муҳаббат билан яхши кўраман.

9

Сизларнинг муҳаббатингиз янада ошиб, билим ва ақл–идрок билан бойисин, деб ибодат қиляпман,

10

чунки мен сизларнинг аъло нарсаларни танлашингизни, Масиҳ келадиган кунда пок ва айбсиз бўлишингизни истайман.

11

Токи сизларнинг ҳаётингиз Исо Масиҳ кучи орқали солиҳлик самарасига тўлиб, Худога шараф ва мақтов келтирсин.

12

Эй биродарлар, шуни билишингизни истайманки, бошимга тушганларнинг ҳаммаси Хушхабарнинг янада кўпроқ ёйилишига туртки бўлди.

13

Масиҳ туфайли қамалганим бутун сарой қўриқчиларига ва бу ердагиларнинг ҳаммасига маълум бўлди.

14

Менинг қамоқдаги вазиятим кўп биродарларнинг Раббимиз Исога бўлган ишончини оширди, шунинг учун улар қўрқмасдан, катта жасорат билан Масиҳ ҳақидаги хабарни тарғиб қилмоқдалар.

15

Тўғри, Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни баъзилар бахиллик ва ҳасадгўйлик билан, баъзилар эса яхши ният билан тарғиб қиляптилар.

16

Яхши ният билан тарғиб қилаётганлар мени яхши кўрганлари учун ва мен Хушхабарни ҳимоя қилишга тайинланганимни билиб шундай қиляптилар.

17

Қолганлар эса Хушхабарни рақобат руҳи билан тарғиб қиляптилар. Улар пок ниятда эмас, балки менинг қамоқда тортаётган азобларим кўпайсин деб, шундай қиляптилар.

18

Аммо нима фарқи бор? Ёмон ниятдами, яхши ниятдами, муҳими, Масиҳ ҳақидаги Хушхабар тарғиб қилинмоқда. Мана шу мени хурсанд қилади. Мен хурсанд бўлишда давом этавераман,

19

чунки биламан, сизларнинг ибодатларингиз орқали ва Исо Масиҳ Руҳининг ёрдами билан мана шуларнинг ҳаммаси менинг озод бўлишимга олиб келади.

20

Ишонч билан умид қиламан: иснодга қолмайман, аксинча, жасорат кўрсатаман. Ҳа, умидим шуки, ҳозир ҳам олдингидай, ўлсам ҳам, яшасам ҳам менинг танам орқали Масиҳ улуғланади.

21

Зотан, мен учун ҳаёт Масиҳдир, ўлим эса ютуқдир.

22

Ахир, тирик қоладиган бўлсам, самарали ишлар қилавераман, шундай экан, нимани танлашни ҳам билмайман.

23

Икки йўлнинг қай бирини танлашни билмай, бошим қотиб қолди. Менинг истагим бу дунёдан кетиб, Масиҳ билан бирга бўлишдир. Шундай бўлса жуда яхши бўларди.

24

Аммо тирик қолишим сизлар учун зарурроқдир.

25

Бунга ишончим комил, шунинг учун тирик қолишимни биламан. Сизларнинг имонингиз мустаҳкамланиб, қувончингиз ошиб боравериши учун мен сизлар билан бирга қоламан.

26

Шундай қилиб, мен яна сизларнинг олдингизга келганимда, мен туфайли Исо Масиҳдан янада кўпроқ фахрланасиз.

27

Нима бўлишидан қатъий назар, Масиҳ Хушхабарига лойиқ тарзда ҳаёт кечиришингиз керак. Шундай яшангларки, мен сизларни кўришга борганимда, Хушхабарнинг самараси бўлган имон учун якдиллик билан курашиб, бир руҳда мустаҳкам турганингизни кўрай! Аммо сизларни кўришга боролмасам, шундай хабар эшитай.

28

Сизларга қаршилик кўрсатаётганлардан ҳеч ҳайиқманглар. Сизларнинг қатъиятингиз уларнинг ҳалок бўлишидан, сизларнинг эса нажот топишингиздан далолат беради. Бу Худонинг ишидир.

29

Зотан, Худо сизларга нафақат Масиҳга ишониш, балки Унинг учун азоб–уқубат тортиш шарафини ато қилган.

30

Ахир, сизлар азоб–уқубатларимни кўрдингиз, ҳозир ҳам азият чекаётганим ҳақида эшитяпсиз. Энди мана шу курашда сизлар менинг шерикларимсиз.

© 2018 Дом Молитвы. Христианская Интернет Миссия.