Галатияликлар
1 2 3 4 5 6

1

Мен — Павлус ва мен билан бирга бўлган ҳамма биродарлар Галатия вилоятидаги имонлилар жамоатларига салом йўллаймиз. Мен инсонлар томонидан эмас, инсон орқали ҳам эмас, балки Исо Масиҳ ва Уни тирилтирган Отамиз Худо томонидан ҳаворий қилиб тайинланганман.

2

Мен — Павлус ва мен билан бирга бўлган ҳамма биродарлар Галатия вилоятидаги имонлилар жамоатларига салом йўллаймиз. Мен инсонлар томонидан эмас, инсон орқали ҳам эмас, балки Исо Масиҳ ва Уни тирилтирган Отамиз Худо томонидан ҳаворий қилиб тайинланганман.

3

Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга иноят ҳамда тинчлик ато қилсин.

4

Исо Масиҳ бизни ҳозирги ёвуз замондан қутқарай деб, бизнинг гуноҳларимиз учун Ўзини фидо қилди. У шу йўсин Отамиз Худонинг иродасини адо этди.

5

Худога абадулабад шон–шарафлар бўлсин! Омин.

6

Сизлар Худодан шунчалик тез юз ўгириб, бошқа бир хушхабарга юз бураётганингиздан жуда ҳайронман. Ахир, Масиҳнинг инояти орқали Худо сизларни Ўз Хушхабарига даъват қилган эди.

7

Ўша Хушхабардан бошқа ҳеч қандай хушхабар йўқ–ку! Фақат баъзилар сизларни чалғитиб, Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни бузиб кўрсатмоқчи бўладилар.

8

Аммо кимда–ким, ҳатто биз ўзимизми ёки осмондан келган бирор фариштами, сизларга биз етказган Хушхабардан бошқа бир хушхабар келтирса, у лаънати бўлсин!

9

Мен олдин ҳам айтган эдим, ҳозир ҳам айтяпман: кимки сизлар қабул қилган Хушхабарга зид бўлган хабарни тарғиб этса, лаънати бўлсин!

10

Хўш, мен кимнинг мақтовига сазовор бўлмоқчиман: инсонларнингми ёки Худонингми?! Наҳотки инсонларни мамнун қилмоқчи бўлсам?! Агар мен ҳали ҳам инсонларни мамнун қилаётган бўлсам эди, Масиҳнинг қули бўлолмас эдим!

11

Эй биродарлар, сизларга айтиб қўяй: мен тарғиб этаётган Хушхабар инсон ижоди эмас.

12

Ахир, мен бу Хушхабарни инсондан қабул қилмаганман ёки бирор одамдан ўрганмаганман. Уни менга Исо Масиҳнинг Ўзи ваҳий орқали аён қилган.

13

Мен яҳудий динига эътиқод қилиб, қандай ҳаёт кечирганим ҳақида эшитгансизлар. Ўша пайтларда Худонинг жамоатини шафқатсизларча қувғин қилардим, уни қириб ташлашга ҳаракат қилардим.

14

Қавмимдан бўлган кўп тенгдошларимга қараганда, яҳудий динини чуқурроқ тушуниб, улардан анча илгарилаб кетган эдим. Ота–боболаримнинг урф–одатларини деб, жонкуярлик қилардим.

15

Аммо Худо менга мурувват қилди, инояти билан мени Ўзига даъват этиб, онам қорнида бўлганимдаёқ мени танлаган эди.

16

Мен ғайрияҳудийлар орасида Худо Ўғли ҳақидаги Хушхабарни тарғиб қилишим учун, Худо Ўз Ўғлини менга зоҳир қилди. Шунда мен ҳеч бир инсон билан маслаҳатлашмадим.

17

Ҳатто мендан олдин ҳаворий бўлганларни кўриш учун Қуддусга бормай, дарҳол Арабистонга жўнадим. Ундан кейин яна Дамашққа қайтдим.

18

Уч йилдан кейин, Бутрус билан танишай деб, Қуддусга бордим. Унинг ёнида ўн беш кун бўлдим.

19

Аммо Қуддусда Бутрусдан ва Раббимиз Исонинг укаси Ёқубдан бошқа ҳеч бир ҳаворийни кўрмадим.

20

Мен сизларга нима ёзаётган бўлсам, Худо шоҳид, ҳеч бири ёлғон эмас.

21

Ундан сўнг Сурия ва Киликия ҳудудларига бордим.

22

Яҳудия ўлкасидаги имонлилар жамоатлари мени ҳали шахсан танимас эдилар.

23

Ўша имонлилар мен ҳақимда фақат бошқаларнинг: “У бир вақтлар бизларни қувғин қилиб юрган киши эди. Энди эса илгари илдизи билан қуритмоқчи бўлган имонни ўзи тарғиб қилмоқда” деган гапларини эшитардилар

24

ва мен туфайли Худони улуғлар эдилар.

© 2018 Дом Молитвы. Христианская Интернет Миссия.