1 2 3

1

Худонинг қули ва Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлган мен — Павлусдан салом! Худонинг танланган одамлари имонда собит бўлсинлар ва художўйликка чорловчи ҳақиқатни билиб олсинлар деб, Худо мени бу хизматга тайинлади.

2

Ҳаворий сифатида мен уларни абадий ҳаётдан умидвор бўлишга даъват этаман. Зеро, Худо абадий ҳаётни азалданоқ ваъда қилган. У ҳеч қачон ёлғон ваъдалар бермайди.

3

Белгиланган пайтда Худо абадий ҳаётга чорловчи Хушхабарни бизнинг воизлигимиз орқали аён этди. Нажоткоримиз Худо бу Хушхабарни менга топшириб, уни эълон қилишимни буюрди.

4

Қадрдоним Титус, бизнинг эътиқодимиз бир, сен менга ўз ўғлимдай бўлиб қолгансан. Отамиз Худо ва нажоткоримиз Исо Масиҳ сенга иноят ва тинчлик ато қилсин.

5

Қолган ишларни битиришинг учун мен сени Крит оролида қолдирган эдим. Сенга буюрганимдек, оролнинг ҳар бир шаҳридаги имонлилар жамоати устидан оқсоқоллар тайинлагин.

6

Жамоат оқсоқоли яхши ном чиқарган бўлиши шарт. У ўз хотинига вафодор бўлсин. Унинг фарзандлари имонли бўлиб, шалоқлик ва итоатсизлик айбидан холи бўлишсин.

7

Зеро, жамоат етакчиси Худонинг хонадонини бошқарувчи сифатида камчиликсиз бўлиши лозим, яъни у такаббур, жаҳлдор, майхўр, зўравон ёки пулпараст эмас,

8

балки меҳмондўст, яхшиликни севадиган, вазмин, одил, оқ кўнгил ва нафсини тийган одам бўлсин.

9

Ҳақиқатга ўргатилган, Хушхабар ақидаларига қатъий риоя қиладиган инсон бўлсин. Шунда у бошқаларга ҳам соғлом таълимот билан насиҳат қила олади, қаршилик қилувчиларни эса фош эта олади.

10

Ахир, ҳеч кимга итоат қилмайдиган, қуруқ гап сотадиган ёлғончи биродарлар бор, айниқса суннатлилар орасида бундайлар кўп.

11

Уларнинг сафсаталарини тўхтатиш керак. Зеро, улар пул ишлаш ниятида сохта таълимотлар ўргатиб, бутун оилаларни тўғри йўлдан оздирмоқдалар.

12

Мана, улардан чиққан бир мутафаккир ўз юртдошлари ҳақида шундай деган: “Критликлар доимо ёлғон гапиришади, Улар ебтўймас дангасалардир, Гўёки йиртқич ҳайвонлардир.”

13

Бу гапда жон бор. Шунинг учун бебошларга қаттиқ танбеҳ бер, токи улар ҳақ имонга қайтсинлар.

14

Яҳудийларнинг афсоналарига ва ҳақиқатдан юз ўгирган одамларнинг кўрсатмаларига қулоқ солмасинлар.

15

Қалби пок одамлар учун ҳамма нарса ҳалолдир. Бузуқ ва имонсизларнинг назарида эса ҳамма нарса ҳаромдир. Бундайларнинг ақли ҳам, виждони ҳам булғанган.

16

Улар, Худони биламиз, дейдилар–у, ўз қилмишлари билан Уни инкор этадилар. Бундай қабиҳ, ўзбошимча одамлар ҳеч бир хайрли ишга ярамайдилар.

© 2018 Дом Молитвы. Христианская Интернет Миссия.