Левилар

1

Эгамиз Учрашув чодиридан Мусони чақириб, унга

2

Исроил халқи учун қуйидаги қонунларни берди: биронтангиз Эгамизга қурбонлик қилмоқчи бўлсангиз, подангиздаги ёки сурувингиздаги ҳайвонни олиб келинг.

3

Борди–ю, қорамол подасидан бирорта ҳайвонни қурбонлик қилиб, куйдирмоқчи бўлсангиз, нуқсонсиз бир буқани танлаб олинг. Эгамиз бу қурбонлигингизни қабул қилиши учун буқани Учрашув чодири кираверишига олиб келинг.

4

Куйдириладиган ҳайвоннинг бошига қўлингизни қўйинг, шунда Эгамиз сизни гуноҳингиздан поклаш учун бу қурбонлигингизни қабул қилади.

5

Сўнг буқани Эгамизнинг ҳузурида сўйинг. Ҳоруннинг руҳоний ўғиллари буқанинг қонини олиб, Учрашув чодирига кираверишда турган қурбонгоҳнинг тўртала ён томонига сепиб чиқишсин.

6

Сиз эса куйдириладиган қурбонликнинг терисини шилиб, танасини бўлакларга бўлинг.

7

Руҳоний Ҳоруннинг ўғиллари қурбонгоҳга чўғ солиб, устига ўтин қалашсин.

8

Сўнг қурбонликнинг бўлакларини, шунингдек, калласини ва ёғларини қурбонгоҳдаги ёниб турган ўтинлар устига қўйишсин.

9

Сиз эса қурбонликнинг ичак–човоқлари ва оёқларини ювинг. Сўнг руҳоний буларнинг ҳаммасини қурбонгоҳда куйдирсин. Оловда куйдирилган бу қурбонликдан Эгамизга ёқимли ҳид боради.

10

Борди–ю, сиз сурувингиздаги қўй ёки эчкини қурбонлик қилиб куйдирмоқчи бўлсангиз, нуқсонсиз қўчқор ёки такани олиб келинг.

11

Уни қурбонгоҳнинг шимол тарафида, Эгамизнинг ҳузурида сўйинг. Ҳоруннинг руҳоний ўғиллари қурбонликнинг қонини қурбонгоҳнинг тўртала ён томонига сепиб чиқишсин.

12

Сиз қурбонликни бўлакларга бўлинг. Руҳоний эса бўлакларни қурбонликнинг калласи ва ёғлари билан бирга қурбонгоҳдаги ёниб турган ўтинлар устига қўйсин.

13

Сиз қурбонликнинг ичак–човоқлари ва оёқларини ювинг. Руҳоний буларнинг ҳаммасини келтириб, қурбонгоҳда куйдирсин. Оловда куйдирилган бу қурбонликдан Эгамизга ёқимли ҳид боради.

14

Агар бирор қушни Эгамизга қурбонлик қилиб, куйдирмоқчи бўлсангиз, каптар ёки мусичани олиб келинг.

15

Руҳоний уни қурбонгоҳ олдига олиб келиб, бўйнини узсин, сўнг бошини қурбонгоҳда куйдирсин. Қонини эса қурбонгоҳнинг ёнига оқизсин.

16

Жиғилдонини, ичидаги нарсалари билан бирга, суғуриб олиб, қурбонгоҳнинг шарқ тарафига, кул турган ерга ташласин.

17

Кейин қанотларидан тортиб, танасини ярмигача бўлсин, лекин икки қисмга ажратмасин. Сўнг уни қурбонгоҳдаги ёниб турган ўтинлар устига қўйиб куйдирсин. Оловда куйдирилган бу қурбонликдан Эгамизга ёқимли ҳид боради.

© 2018 Дом Молитвы. Христианская Интернет Миссия.