1 2 3 4 5 6 7

1

Яҳудо шоҳлари Йўтом, Охоз ва Ҳизқиё ҳукмронлик қилган даврларда Эгамиз Мўрашатлик Михо пайғамбарга Ўз сўзини аён қилиб турди. Самария ва Қуддус ҳақида Эгамиз айтган бу сўзлар Михо пайғамбарга ваҳий орқали аён бўларди.

2

Қулоқ тутинг, эй халқлар! Қулоқ солинг, ер юзида яшовчилар! Эгамиз Раббий сизларга қарши гувоҳлик беради. Муқаддас Маъбадидан Раббий гапиради.

3

Ана, Эгамиз Ўз масканидан чиқяпти, Тоғ чўққиларини босиб келяпти.

4

Унинг оёғи остида эрийди тоғлар, Ёрилиб кетади даралар. Тоғлар оловда эриган мум каби бўлади, Тепаликдан оқиб тушган сувдай тўкилади.

5

Ёқуб насли итоатсизлик қилгани учун, Исроил гуноҳга ботиб кетгани учун Бу воқеалар содир бўлади. Ёқуб насли орасида итоатсизлик қилган ким? Пойтахт шаҳар Самария эмасми?! Бутпарастлар уяси Яҳудонинг қаерида жойлашган? Қуддуснинг нақ ўзида эмасми?!

6

Эгамиз шундай дейди: “Мен Самарияни вайрон қиламан. Уни ток экиладиган жойга айлантираман. Шаҳар деворларини йиқитаман, Девор тошларини водийга юмалатаман. Унинг пойдеворларини очиб ташлайман.

7

Самариянинг бутлари парча–парча бўлади, Барча санамлари синдириб, ёндирилади. Фаҳш йўли билан келган бутларнинг қимматбаҳо безаклари Ўзга юрт фоҳишаларига тўлов қилиб берилади.”

8

Бундай мусибат дастидан йиғлаб, фарёд қиламан, Яланғоч, оёқ яланг юраман, Чиябўридай увиллаб, фиғон чекаман, Бўта каби бўзлаб йиғлайман.

9

Ахир, даво йўқ Самариянинг ярасига, Ёпишди Яҳудога ҳам у яра, Халқим дарвозаси — Қуддусга юқди.

10

Гат аҳолиси билан бу ҳақда ҳасратлашманг, Улар олдида кўз ёшингизни тўкманг! Байт–Лафрога бориб, У ерда қайғудан тупроққа юмаланг!

11

Эй Шофир аҳли, Сиз асирликка кетасиз, Яланғоч, шарманда бўлиб борасиз. Занон халқи ташқарига чиқишга журъат этмайди. Байт–Эзел аҳли мотам тутади, Энди улар сизга паноҳ бўлмайди.

12

Морўт аҳолиси мадад кутган эди, Аммо Эгамиз фалокат юборди. Бу фалокат ҳатто Қуддус дарвозаларига етди.

13

Эй Лахиш аҳли, Отларингизни жанг араваларига қўшинг! Сиз итоатсиз Исроил халқига тақлид қилдингиз, Қуддус аҳлини илк бор гуноҳга бошладингиз!

14

Шундай экан, эй Яҳудо халқи, Энди Мўрашат билан хайрлашаверинг, Эсдалик совғаларингизни уларга тақдим қилинг. Аттанг, Ахсиб аҳли Исроил шоҳларига панд берди, Бера олмайдиган ёрдамни уларга ваъда қилди.

15

Эй Моришо аҳли, Эгамиз устингизга бир босқинчини юборади. Исроил йўлбошчилари Адуллам ғорига қочиб боришади.

16

Суюкли фарзандларингиз учун нола қилинг, Сочингизни қирдиринг. Калхатлар каби сийқа бош бўлинг, Ахир, болаларингиз сургун қилинади.

© 2018 Дом Молитвы. Христианская Интернет Миссия.