1 2 3

1

Найнаво шаҳри ҳақида башорат. Бу китобда Элқўшлик Нохумга келган ваҳий баён қилинган.

2

Эгамиз рашкчи, қасоскор Худодир, Эгамиз қасоскор, дарғазабдир. Ғанимларидан Эгамиз қасос олар, Душманларидан ғазабланиб юрар.

3

Эгамизнинг жаҳли тез эмас, Унинг кучи буюкдир, Айбдорни Эгамиз асло оқламас! Юрган йўли қуюну бўрон бўлар. Оёғи остидан чангдай Кўтарилар қора булутлар.

4

У денгизга дўқ уриб, уни қуритар, Барча дарёларни қақратиб юборар. Башан ва Кармил яйловлари хазон бўлади, Лубнон гуллари сўлиб қолади.

5

Унинг олдида силкинар тоғлар, Парчаланиб кетар адиру қирлар. Ҳузурида замин тебранар, Бутун жаҳон ва ундаги мавжудот қалтирар.

6

Унинг қаҳрига ким бардош бергай?! Алангали ғазабидан ким омон қолгай?! Унинг ғазаби оловдай ёйилар, Унинг олдида қоялар чилпарчин бўлар.

7

Эгамиз яхшидир, Кулфат кунида қўрғондир У, Худода паноҳ топганларни сақлайди У.

8

Тошқин сел билан Найнавони вайрон қилар, Ёвларининг пайига тушиб, зулматга ҳайдар.

9

Эй Найнаво, нечун Эгамизга қарши фитна уюштирасан?! Ахир, У бир уриб сени қириб ташлайди, Иккинчи уришига ҳожат бўлмайди.

10

Чирмашган тикану қуруқ хас–чўп каби Сизлар ҳам, эй майхўрлар, ёндириб ташланасиз!

11

Эй Найнаво, қабиҳ шоҳ сендан чиқди, Эгамизга қарши у фитна–фасод қилди.

12

Эгамиз эса шундай айтур: “Оссурияликлар кучли ва беҳисоб бўлсалар–да, Улар қирилиб, йўқ бўладилар. Эй халқим, бошингга кулфат солдим! Энди бундай кулфат солмайман зинҳор!

13

Сени Оссурия бўйинтуруғидан озод қиламан, Кишанларингни узиб ташлайман.”

14

Сен ҳақингда, эй Оссурия, Эгамиз шундай амр этар: “Сенинг номинг дунёдан ўчар. Йўқ қиламан худоларинг уйидаги қуйма ва ўйма бутларни, Ярамас хулқ–атворинг учун ҳозирлайман қабрингни.”

15

Қаранг! Хушхабар келтирувчи кимса, Тоғлар оша шошиб келади бу ёққа. Тинчликни эълон қилади У сизга! Эй Яҳудо халқи, нишонлагин байрамларингни, Олиб кел онт ичиб атаган назрларингни. Юртингга тажовуз қилмас энди қабиҳлар, Зеро, тамомила йўқ бўлди улар.

© 2018 Дом Молитвы. Христианская Интернет Миссия.