1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14

1

Яҳудо юртида шоҳлар Уззиё, Йўтом, Охоз ва Ҳизқиё ҳукмронлик қилган даврларда Исроил тахтида Ёҳўш ўғли Ёрубом ўтирган эди. Ўша вақт мобайнида Бэри ўғли Хўшеяга Эгамиз Ўз сўзларини аён қилди.

2

Эгамиз дастлаб Хўшея орқали Исроил халқига гапиришни бошлаганда, унга шундай деган эди: “Бориб фоҳиша аёлга уйлан, у сенга бегона эркаклардан орттирган фарзандлар туғиб беради. Зотан, Менинг халқим ҳам фоҳишага ўхшайди. Улар Мен, Эгангизга бевафолик қилиб, бегона худоларга сажда қилишмоқда.”

3

Хўшея Диблайим қизи Гўмерага уйланди. Гўмера ҳомиладор бўлиб, Хўшеяга ўғил туғиб берди.

4

Эгамиз Хўшеяга деди: “Ўғлингнинг исмини Йизрил қўй. Чунки Ёҳу қандай қилиб Йизрилда қон тўккан бўлса, тез орада Ёҳунинг хонадонини ҳам ўша аҳволга солиб, йўқ қиламан. Исроил шоҳлиги барҳам топади.

5

Ўша даврда Мен Йизрил водийсида Исроилнинг камону ўқларини синдираман.”

6

Гўмера яна ҳомиладор бўлиб, қиз туғди. Эгамиз Хўшеяга деди: “Қизингнинг исмини Лўруҳамо, яъни «Раҳмдан бебаҳра» деб қўй. Чунки бундан буён Мен Исроил халқига раҳм қилмайман, уларни кечирмайман.

7

Яҳудо халқига эса раҳм қиламан, уларга нажот бераман. Қиличу камон, жанг–жадал, отлару чавандозлар билан эмас, Ўз қудратим билан уларни қутқараман. Зотан, Мен уларнинг Эгаси Худоман!”

8

Гўмера қизини кўкракдан чиқаргач, яна ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди.

9

Эгамиз Хўшеяга деди: “Ўғлингнинг исмини Лўёми, яъни «Халқим эмас» деб қўй. Чунки Исроил халқи энди Менинг халқим эмас, Мен эса уларнинг Худоси эмасман.

10

Аммо шундай вақтлар келадики, Исроил халқи денгиздаги қум каби бўлади, уларни на санаб, на ўлчаб бўлади. Уларга: «Халқим эмас», деб айтилган бўлса, келажакда улар: «Барҳаёт Худонинг фарзандлари» деб аталади.

11

Яҳудо ва Исроил халқлари қайта бирлашадилар. Улар ўзларига бир йўлбошчи танлайдилар. Ўз юртида туп қўйиб, палак отадилар. Ҳа, Йизрилнинг — «Худо эккан» халқнинг куни улуғ бир кун бўлади.”

© 2018 Дом Молитвы. Христианская Интернет Миссия.