Марсия
1 2 3 4 5

1

Вой шўрим! Одамларга тўлиб–тошган бир вақтлар, Нақадар ёлғиздир энди бу шаҳар! Халқлар орасида шуҳрат қозонган, Энди бир бева аёлга у ўхшаб қолган. У вилоятлар орасида маликадай эди, Энди у бир чўрига ўхшаб қолди.

2

Кечалари у аччиқ–аччиқ йиғлайди, Кўзларидан ёшлар оқади. Уни юпатадиган бирон кимса Йўқдир ўйнашларининг орасида. Дўстлари унга хиёнат қилишди, Унга душман бўлиб қолишди.

3

Яҳудо халқи сургун бўлиб, азоблар тортди, Тутқунликнинг машаққатини у тотиб кўрди. Бегона халқлар орасида ўрнашганда, Ўзига ором топа олмади. У танг аҳволга тушиб қолганда, Таъқиб этувчилар уни қўлга олди.

4

Қуддусга борадиган йўллар тутяпти мотам, Ахир, белгиланган байрамларга келмас бирор ҳам одам. Шаҳарнинг ҳамма дарвозалари ҳувиллаб қолди, Руҳонийлари хўрсиниб ўтирибди. Қуддуслик қизлар қайғуга ботган, Қуддуснинг ўзи ҳам изтиробда қолган.

5

Қуддусга душманлари бош бўлди, Унинг ғанимлари равнақ топди. Қуддус беҳад кўп гуноҳ қилди, Шу сабабдан Эгамиз уни азобга солди. Қуддуснинг фарзандлари сургун қилинди, Ғанимлари уларни олиб кетди.

6

Қиз Қуддус ўз савлатини йўқотди. Йўлбошчилари ўтлоқ топа олмаган кийикка ўхшайди. Овчидан қочишга уларнинг мадори қолмади.

7

Кулфату саргардонлик кунларида Қуддус олдинги хазиналарини эслади. Унинг аҳолиси душманларга таслим бўлганда, Қуддусга ёрдам берадиган ҳеч ким йўқ эди. Ғанимлари унинг қулашини томоша қилиб, Қуддусни масхара қиларди.

8

Ҳа, Қуддус жирканч гуноҳга қўл урди, Атрофдагиларга у кулги бўлди. Олдин уни эъзозлаганларнинг ҳаммаси Энди ундан ҳазар қилади. Қуддуснинг шармандалигини улар кўрдилар. Мана энди Қуддус хўрсиниб ўтирибди, Ҳаммадан юзини яшириб ўтирибди.

9

Унинг нопоклиги кийимини доғ қилди, Келажаги ҳақида у қайғурмади. У даҳшатли тарзда қулади, Унинг юпатувчиси йўқ эди. У шундай деб ёлворди: “Кулфатимга бир назар солгин, эй Эгам, Зеро, душманларим ғолиб келди устимдан!”

10

Ғанимлар Қуддус хазиналарига чанг солди. Қуддуснинг кўзи олдида Бегона халқлар муқаддас маконга кирди. Аммо Эгамиз ўша ғайрияҳудийларга Ҳатто Исроил жамоаси йиғинида бўлишни ман этганди!

11

Мана энди шаҳардаги ҳамма одамлар хўрсиниб, Бир бурда нонни излаб юрибди. Улар бойликларини сотиб, овқат олишяпти, Шу йўсин ўз жонларини сақлашяпти. Қуддус шундай деб ёлвормоқда: “Эй Эгам, менга бир боққин, Хор бўлганимни кўриб қўйгин!”

12

Қуддус ўтган–кетганларга хитоб қилади: “Наҳотки сизларга барибир бўлса?! Менга бир қаранглар! — деб ёлворади. — Эгамиз ғазаб кунида менга азоб берган, Бундай азобни ҳеч ким кўрмаган.

13

У осмондан олов юборди, Ўша олов ичимни ёндирди. Эгамиз оёғимга тузоқ қўйди, Мени ортга қайтишга мажбур қилди. Адойи тамом қилди мени Худойим, Азобу аламда қолди менинг жоним.

14

Гуноҳларим бўйинтуруққа айланган, Ўша бўйинтуруқни Эгамизнинг Ўзи ясаган. У гуноҳларимни бўйнимга осди. Мени тамом ҳолдан тойдирди. Раббий берди мени душманларим қўлига, Мен қаршилик қила олмайман уларга.

15

Раббий кучли жангчиларимни рад этди, Йигитларимни яксон қилиш учун лашкар юборди. Бокира қиз Яҳудони Раббий узум эзгандай эзди.

16

Шунинг учун мен фарёд қиламан, Кўз ёшимни сел–сел оқизаман. Ахир, юпатувчим мендан узоқда, Жонимга оро кирувчи олисда. Эвоҳ, душманларим мендан ғолиб келди, Фарзандларим хонавайрон бўлди.”

17

Қуддус қўлларини чўзиб ёрдам сўрайди, Бироқ ҳеч ким уни юпатмайди. Эгамиз қўшни халқларга амр берди, Шунда ҳаммаси Ёқуб наслига душман бўлиб қолди. Душманларининг назарида Қуддус ахлатдай жирканч бўлиб қолди.

18

Қуддус айтмоқда: “Ҳа, менинг Эгам ҳақ, Ахир, ўзим Унинг амрига қарши бош кўтардим. Эй халқлар, менга қулоқ солинг, Менинг кулфатимни кўриб қўйинг. Менинг йигит–қизларим сургун бўлди.

19

Мен ўйнашларимни чақирдим, Улар эса мени алдашди. Жонини сақлаш учун нон излаган Руҳонию оқсоқолларим кўчаларда жон берди.

20

Эй Эгам, кўриб қўйгин қайғумни, Кўргин тўкилиб турган юрагимни. Эвоҳ, юрак–бағрим эзилиб кетди, Ахир, мен Сенга қарши бош кўтардим. Ана, ташқарида қилич одамларни чопяпти, Ичкарида ўлим ҳукмронлик қиляпти.

21

Одамлар оҳу нолаларимни эшитди, Бироқ менинг юпатувчим йўқ эди. Ғанимларим эшитди кулфатларим ҳақида, Хурсанд бўлишди қилган ишингдан шунда. Сен эълон қилган ўша кунинг келсин, Душманларим ҳам менинг ҳолимга тушсин.

22

Назарингдан қочмасин уларнинг қилган қабиҳликлари, Гуноҳим учун мени жазолагандай жазолагин уларни. Кўпдир менинг оҳу нолаларим, Ҳеч ҳам қолмади менинг мадорим.”

© 2018 Дом Молитвы. Христианская Интернет Миссия.