Ҳикматлар

1

Исроил шоҳи Довуд ўғли Сулаймоннинг ҳикматлари.

2

Бу ҳикматлар донолик ва насиҳатни ўргатади, ҳикматли сўзларни тушунтиради,

3

ақлли кўрсатмаларни, тўғрилик, адолат ва одилликни ато қилади,

4

соддаларга идрок, ёшларга билим, фаҳму фаросат беради.

5

Донолар тинглаб билимини кўпайтирсин, идроклилар йўл–йўриқ олсин.

6

Бу ҳикматлар — маталларни, жумбоқларни, дононинг сўзларини ва топишмоқларини тушуниш учундир.

7

Эгамиздан қўрқиш илму маърифатнинг бошидир. Донолик ва насиҳатдан нафратланган эса нодондир.

8

Ўғлим, отанг насиҳатларига қулоқ сол, онанг ўгитларини рад этма,

9

чунки улар бошингга гўзал гулчамбар, бўйнингга маржондайдир.

10

Ўғлим, агар гуноҳкорлар сени йўлдан урмоқчи бўлса, бўйин берма.

11

Агар улар: “Кел, бизга қўшил, пистирма қўйиб қон тўкайлик, айбсизнинг йўлини важсиз тўсайлик,

12

дўзахга ўхшаб уни тириклайин ўз қаъримизга тортайлик, чуқур каби бутунлайин ютиб юборайлик,

13

ҳар хил бойликларни тортиб олиб, уйимизни ўлжа билан тўлдирайлик,

14

ҳамма нарса ўртада бўлсин, ҳамёнимиз битта бўлсин”, деб айтсалар,

15

ўғлим, уларга ҳамроҳ бўлма, йўлига бир қадам ҳам босма.

16

Чунки улар қон тўкишга тайёрдирлар, оёқлари ёвузликка шошилади.

17

Қушни тўр билан тутиб бўлмайди, тўрни кўрган қуш пир этиб учиб кетади.

18

Ёвузлар эса ўз қисматини кўра олмайдилар, бошқаларнинг жонини пойлайман деб, ўз жонига зомин бўлганини билмайдилар.

19

Очкўзлик билан тортиб оладиганларнинг аҳволи шу! Улар ўз ҳаётига зомин бўлади.

20

Донолик кўчада чақиради. Майдонда баланд овоз билан ҳайқиради.

21

Гавжум кўчанинг бошида, шаҳар дарвозаларида жар солади.

22

“Эй нодонлар, қачонгача нодон бўлиб юраверасиз?! Сиз–чи, мазах қилувчилар, қачонгача мазах қилишдан завқланасиз?! Ақлсизлар, қачонгача илм–маърифатдан нафратланасиз?!

23

Панд–насиҳатларимга қулоқ солинглар. Мана, сизларга руҳимни бераман. Сўзларимни очаман.

24

Лекин сизларни чақирганимда рад этдингиз, қўлларимни узатганимда, эътибор бермадингиз.

25

Маслаҳат, панд–насиҳатларимнинг ҳеч бирини қабул қилмадингиз.

26

Шунинг учун бошингизга фалокат келганда, мен ҳам куламан. Ваҳимага тушганингизда, мазах қиламан.

27

Ваҳима бўрондай, фалокат эса тўфондай келганда, кулфату машаққатлар бошга тушганда,

28

улар мени чақирадилар, лекин жавоб бермайман. Улар мени қидирадилар, излайдилар, лекин тополмайдилар.

29

Чунки улар илм–маърифатдан нафратландилар, Эгамиздан қўрқишни рад этдилар.

30

Маслаҳатларимни, ўгитларимни қабул қилмадилар.

31

Шунинг учун ўз қилмишларининг мевасини еб, пушаймон бўлиб қоладилар.

32

Нодонлар йўлдан адашиб ўз жонига ўзлари зомин бўлади, ақлсизларнинг беғамлиги ўзларини ҳалок қилади.

33

Лекин менга қулоқ солганлар осойишта ҳаёт кечиради, ёмонликнинг ваҳимасидан халос бўлади.”

© 2018 Дом Молитвы. Христианская Интернет Миссия.