Зафаниё
1 2 3

1

Яҳудо юртида Омон ўғли шоҳ Йўшиё ҳукмронлик қилган даврда Зафаниёга Эгамиз Ўз сўзини аён қилди. Зафаниё шоҳ Ҳизқиё авлодидан бўлиб, Кушининг ўғли, Гадалиёнинг невараси ва Эмориёнинг эвараси эди.

2

Эгамиз шундай демоқда: “Мен ер юзидаги ҳаммани Гард қолдирмай супуриб ташлайман.

3

Ҳа, Мен одамлару ҳайвонларни, Кўкдаги қушлару Денгиздаги балиқларни супуриб ташлайман. Ўша ҳайвонлар тасвиридаги бутларни парчалайман. Улар қаторида фосиқларни ҳам йўқ қиламан, Ер юзидаги бутун инсон зотини Илдизидан қуритиб юбораман. — Эгамизнинг каломи шудир. —

4

Мен Яҳудо ва Қуддусга қарши қўл кўтараман. Баалга сиғинганларни битта қолдирмай йўқ қиламан, Бутпараст руҳонийларни одамларнинг хотирасидан ўчираман.

5

Томда қуёш, ой, юлдузларга сиғинганларни ҳалок қиламан, Тўғри, улар Мен, Эгангизга сажда қилиб, садоқат онтини ичади, Лекин Мўлахга ҳам топиниб, ваъдалар беришади.

6

Мен, Эгангиздан юз ўгирган, Изимдан юрмаган бу одамлар нобуд бўлади, Менга интилмаган, Мендан ёрдам сўрамаганлар ўлади.”

7

Эгамиз Раббий олдида сукут сақланг! Зеро, Эгамизнинг куни яқинлашиб қолди. Эгамиз Ўз халқини қурбонлик қилишга тайёрлади. У таклиф қилган меҳмонлар етиб келди.

8

Эгамиз шундай дейди: “Мен қурбонлик келтирадиган ўша куни Яҳудо аъёнларини, шоҳнинг ўғилларини, Бутпарастлик одатларига берилганларнинг ҳаммасини жазолайман.

9

Бутпарастларга ўхшаб остона ҳатлаганларнинг Таъзирини бераман. Шоҳ саройини зўравонлигу фирибгарликка Тўлдирганларни жазолайман.”

10

Эгамиз шундай демоқда: “Ўша куни Қуддуснинг Балиқ дарвозасидан фарёд кўтарилади, Шаҳарнинг Янги даҳасидан дод–вой эшитилади. Қирлардан вайронагарчилик садолари келади.

11

Эй бозор кўчасида яшайдиганлар, дод солинг! Ахир, ҳамма савдогарларингиз ҳалок бўлади, Олди–сотди қилганлар қириб ташланади.

12

Мен ўша куни бир чироқ оламан, Қуддуснинг ҳар бир бурчагини текшириб чиқаман. «Эгамизнинг қўлидан на яхшилик, на ёмонлик келади», деб Ўйлаганларнинг жазосини бераман. Гуноҳга ботиб ўтирган Бепарво одамларни жазолайман.

13

Улар уйлар қуришади, Аммо уйларида яшаш уларга насиб этмайди. Узумзорлар барпо қилишади, Аммо шаробидан ичишолмайди. Бойликлари талон–тарож қилинади, Қурган уйлари бузиб ташланади.”

14

Оз қолди Эгамизнинг буюк кунига! Оз қолди! Ўша кун шиддат билан яқинлашмоқда. Қулоқ солинг! Бу Эгамизнинг кунидир. Бу кун аччиқ кулфат келтиради, Ҳатто жасур жангчилар қўрққанидан бақиради.

15

Бу кун Худонинг ғазаб кунидир. Ўша куни ҳамма азоб–уқубат чекади, Ҳамма ёқ вайронаю харобазорга айланади. Зимзиё зулмат куни бўлар ўша кун, Булут қоплаган тим қоронғи бўлар ўша кун!

16

Мустаҳкам шаҳарлару баланд миноралар Ҳужум остида қолади, Бурғу овозию жангга даъват товушларини Ўша кун ўзида мужассам этади.

17

Эгамиз шундай дейди: “Одамлар Менга қарши гуноҳ қилдилар, Шу сабабдан Мен уларнинг бошига кулфат соламан, Улар кўр одамдай қоқилиб юрадилар. Уларнинг қони тўкилиб, ерни қоплайди, Жасадлари тилка–пора бўлиб, ерда гўнгдай ётади.”

18

Эгамизнинг ғазаб кунида Кумуш ҳам, олтин ҳам уларга нажот бермайди. Эгамизнинг рашк ўти Бутун дунёни куйдириб ташлайди. Ҳа, ер юзида яшаган ҳаммани Эгамиз даҳшатли тарзда йўқ қилади.

© 2018 Дом Молитвы. Христианская Интернет Миссия.